«Галатасарай» ва «Фенербахче» футболчилари гаровлар сабаб қамалиши мумкин
Туркия футболида шов-шувли можаро: «Галатасарай» ва «Фенербахче» футболчилари тикишлар билан боғлиқ ҳолат бўйича қамоқ жазоси хавфи остида қолмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Гап «Галатасарай» ҳимоячиси Метехан Балтаджи ҳамда «Фенербахче» сардори Мерт Ҳакан Яндаш ҳақида бормоқда. Sabah нашри хабарига кўра, Балтаджи 13 йилгача, Яндаш эса 17 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Манбага кўра, Балтаджи камида икки марта «Галатасарай» иштирокидаги ўйинларга гаров қўйган. У ўша баҳсларда асосий таркибда майдонга тушмаган бўлса-да, жамоа қайдномасида бўлган ва бу ҳолат футболчининг ўйин натижасига билвосита таъсир ўтказиш имконияти бўлганини англатади.
Амалдаги турк қонунчилигига биноан, профессионал спортчи гаров платформаларига ўз мақомини билдириши шарт, бироқ футболчи буни бажармагани қайд этилмоқда.