World News in Uzbek

Ўзбекистон мундиалда Атлантадан туриб катта синовларга ҳозирлик кўради

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати давомида ўзининг асосий қароргоҳини АҚШнинг Атланта шаҳрида ташкил қилади. Маълумотларга кўра, жамоамиз мусобақа пайтида айнан шу ерда яшайди ва машғулотларни «Атланта Юнайтед» клубига тегишли тайёргарлик базасида олиб боради. Атланта ФИФАнинг расмий Team Base Camp вариантлари қаторига кирган бўлиб, бу шаҳардаги базалардан бири айнан Atlanta United Training Centre ҳисобланади.

Бу қарор шунчаки қулайлик учун эмас, балки турнир логистикаси нуқтаи назаридан ҳам ўйланган танловдир. ФИФА қоидаларига кўра, терма жамоалар гуруҳ босқичи давомида ўз “уй базаси”да яшаб, ўйинларга чартер рейслар орқали бориб-келади. Яъни жамоа бир шаҳардан бошқасига кўчиб юрмайди, балки асосий тайёргарлик марказида қолган ҳолда учрашувларга махсус рейслар билан етиб боради ва баҳсдан кейин яна ўз қароргоҳига қайтади.

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар ФИФА мусобақа иштирокчилари учун 61 дан ортиқ Team Base Camp локациясини танлаб қўйган. Бу базалар жамоаларнинг яшаши, тикланиши ва машғулот ўтказиши учун махсус мўлжалланган бўлиб, жойлаштириш жараёни терма жамоалар ўйнайдиган шаҳарлар географиясига қараб шакллантирилади. NBC Sports ҳам айнан шу тизим гуруҳ босқичида жамоалар учун “home away from home” вазифасини бажаришини ёзган.

Тарқалган маълумотларга кўра гуруҳимиздаги жамоалар Португалия - Палм Бич Гарденсга, Колумбия эса Колумбус шаҳрига жойлашади.

Қисқаси, Ўзбекистон терма жамоаси учун Атланта нафақат яшаш манзили, балки мундиалдаги катта орзу сари йўл олинадиган асосий таянч нуқтага айланади. Жамоамиз айнан шу ердан туриб гуруҳ босқичидаги ҳал қилувчи учрашувларга ҳозирлик кўради. Бу эса мухлислар учун ҳам алоҳида қизиқ манзара: тарихий мундиалда Ўзбекистоннинг Америкадаги “уйи” Атланта бўлади.


Манба: ЎФА матбуот хизмати

Читайте на сайте