Ўзбекистон қизлари Бангладешни йирик ҳисобда енгди ва плей-оффга чиқди
Котрина Кулбите бошчилигидаги Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мусобақанинг 3-турида Бангладешга қарши майдонга тушиб, 4:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. Бу натижа нафақат турнирдаги илк ғалаба, балки жамоамиз учун энг муҳим мақсад — гуруҳдан чиқиш вазифасини ҳам бажариб берди: Ўзбекистон учинчи ўрин билан кейинги босқичга йўлланма олди.
Учрашувда ҳисоб 10-дақиқада очилди — Диёра Ҳабибуллаева аниқ зарба билан жамоамизни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда эса майдонда тўлиқ устунлик кўринди: Дилдора Нозимова 62 ва 66-дақиқаларда кетма-кет икки гол уриб, ғалабани деярли ҳал қилди. Учрашув нуқтасини эса 88-дақиқада Нилуфар Қудратова қўйди — 0:4.
Параллель ўйинда эса Хитой КХДРни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳда пешқадам сифатида плей-оффга чиқди. Шимолий кореяликлар эса иккинчи ўрин билан кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Шу билан Ўзбекистон учун сценарий аниқ: жамоамизнинг чорак финалдаги рақиби “A” ёки “C” гуруҳи ғолиби бўлади. Яъни олдиндаги тўқнашув — аллақачон “катта лига” кайфияти: кучли рақиб, юқори босим, аммо шунчаки имконият эмас, имкониятнинг ўзига ярашлик имтиҳон.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон -2 тўплар фарқи билан учинчи ўринда туриб ҳам гуруҳдан чиқиши мумкин бўлган икки терма жамоадан бири бўлди. Иккинчи йўлланмага эса Вьетнам эга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Кулбите шогирдлари аввалги икки турда КХДР (0:3) ва Хитойга (0:3) мағлуб бўлган эди. Аммо Бангладешга қарши ўйинда жамоа ўзини йиғиб олди, характер кўрсатди ва энг керакли пайтда йирик ғалаба билан ўзини қайтарди.
Осиё Кубоги. 3-тур
Бангладеш – Ўзбекистон 0:4
Голлар: Диёра Ҳабибуллаева 10', Дилдора Нозимова 62', 66', Нилуфар Қудратова 88'