Аббосбек Файзуллаевнинг Европада ўйнаш имконияти борми?

Аббосбек Файзуллаевнинг Европада ўйнаш имконияти борми?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатардаги Осиё кубогини кутилганидан бироз эрта тарк этди. Ўйин бобида қитъанинг етакчи жамоалари билан тенгма-тенг ўйнаган футболчиларимиз яна пенальтилар сериясидаги мағлубият туфайли мусобақадан чиқиб кетди.

Қитъанинг энг нуфузли мусобақасида ўз маҳоратини намойиш қилган футболчилар қаторига Аббосбек Файзуллаевни қўшиш мумкин. Жароҳати туфайли Ўзбекистонга ёрдам бера олмаган Элдор Шомуродов ўрнига етакчиликни айнан ЦСКА вакили ўз зиммасига олди.

20 ёшли ҳужумкор футболчимиз терма жамоа ўйинини кучайтира олди, иккита гол урди ва битта ассист қайд этди. Осиё футбол конфедерацияси Аббосбек Файзуллаевни мусобақанинг энг кучли иқтидор эгалари қаторида эътироф этди.

Айни пайтда кўпчилик мухлису мутахассислар орасида Аббосбек Файзуллаевнинг Европа кучли лигалари ўтиш имконияти қизиқтираётгани сир эмас.

Таниқли португалиялик футбол агенти Паулу Барбоза Россиянинг metaratings.ru сайтига берган интервьюсида ўзбек легионерининг Европада ўйнаш имкониятига баҳо берди.

– ЦСКА ҳозир Аббосбек Файзуллаев ҳамманинг диққат марказида турганида уни сотиб юбориш ҳақида ўйласа бўладими?
Ҳозир аниқ бирор нарса дейиш қийин. Ҳамма нарса Файзуллаевнинг ўрнини боса оладиган футболчи топа олишларига боғлиқ.

Яна бир муҳим масала — Аббосбек учун қанча пул сўраш керак? Айни дамда аксарият лигаларда трансфер бозорлари ёпилди. Европада деярли ҳаммаси ёпиқ.

Мен Файзуллаев Европада ўйнаб кета олади, деб ўйлайман. Лекин ҳозирнинг ўзида трансфер вариантлари кўп эмас.

Ҳозирнинг ўзида Хитой ва АҚШ вариантлари бор, лекин бу қанчалик фойдали, бунисини билмайман. Ўйинчи учун энг муҳими, доимий ўйин амалиётига эга бўлиш. Мана шу шароитда ўсиш имкони бўлади.

Агар Файзуллаев яхши ўйнашда давом этса, трансфер учун ҳали имкониятлар етарлича бўлади. Бироқ бу борада масала бошқа нарсада: борадиган жойида қай даражадаги рақобатни енгиб ўта олади? Энг аввал, шу саволга жавоб топиш керак
, - деди Паулу Барбоза.

Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўтган йили 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиққан Файзуллаев шу турнирнинг энг яхши ўйинчиси бўлди. Кейинчалик Аргентинада ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашди.

Халқаро майдондаги турнирлардаги ўйини билан хориж клублари назарига тушди. Трансфер масаласида фаоллик кўрсатган ЦСКА уни ўз сафига қўшиб олди.

Файзуллаев легионер сифатида жами 18 та учрашувда майдонга тушиб, иккита гол ва тўққизта ассист қайд этди.

Читайте на 123ru.net