ЦСКА Аббосбек Файзуллаевнинг келажаги бўйича кутилмаган қарорга келди!

Ўзбек футболига оид энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири Аббосбек Файзуллаев фаолиятини қаерда давом эттириши бўлиб қолмоқда.

Россия Премьер-лигасида ЦСКАнинг асосий етакчиларидан бирига айланган 21 ёшли ҳужумкор футболчимизга Франциянинг “Монако” ва Испаниянинг “Реал Сосьедад” клубларидан қизиқиш борлиги ҳақида маълумотлар тарқатилди.

Монаколиклар Файзуллаевнинг трансферини январда амалга ошириш учун “армиячилар” ғазнасини 15 миллион евро билан тўлдиришга тайёрлиги айтилди.

Европа клубларининг ўзбек футболчисига қизиқиши ЦСКА раҳбарияти жамоа етакчисини ушлаб қолиш борасида янги қадамларни ташлашга ундади.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Аббосбек Файзуллаев келажаги борасида бир қарорга келган. Легионеримиз қишда жамоасини ўзгартирмайди ва ЦСКАда фаолиятини давом эттиради.

Аввалроқ, ЦСКА Европа клубларидан бўлаётган чорловлардан кейин Аббосбек Файзуллаевга янги шартнома таклиф қилиши билдирилган эди. Маълум бўлишича, ҳозир ҳамкорликни узайтириш бўйича музокаралар ўтказилмаяпти экан.

Бу вазиятга Москва клуби бош директори Роман Бабаев ойдинлик киритди.

- Файзуллаев бўйича вазият бироз бошқача. Биз шартномада нималар ёзилганига қарамай, келишувни узайтирмасдан туриб ҳам Аббосбек молиявий шароитлари яхшиланишига лойиқ, деган қарор келдик.

Клубимизда амалда қўллаб келинаётган тажрибалардан бирига асосан, агар бирор футболчига муайян маблағ белгиланган бўлса ва амалда у янада юқорироқ маошга лойиқ ўйин кўрсатса, биз шартномани узайтиришни кутмасдан унинг молиявий имкониятларини яхшилаймиз.

Худди шу тариқа Файзуллаевнинг ҳам маошини оширдик
, - деди ЦСКА бош директори Роман Бабаев.

Аббосбек Файзуллаев ҳозирги шартномасини 2023 йилнинг августида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтганида тузган. Роман Бабаевнинг маълум қилишича, легионернинг 2026 йилнинг ярмигача амал қиладиган битимида Россия Премьер лигаси жамоалари учун ҳам, хориж клублари учун ҳам бадал пули миқдори белгиланмаган.

21 ёшли футболчимиз йилига 110 минг евро маош олиб келаётгани ҳақида маълумотлар чиққан эди. Бу Россия футболида жуда паст маош ҳисобланади. Айрим манбаларнинг ёзишича, ЦСКА Файзуллаевнинг янги маошини қанча қилиб белгилагани айтилмаган, бироқ Аббосга ўйинига яраша клуб етакчилари олаётган суммага яқин пул тўланиши мумкин. Масалан, ЦСКАда энг кўп маош оладиган футболчи Данил Круговойга “армиячилар” бир мавсум учун 1,6 миллион евро тўлаётган экан.

Аббосбек Файзуллаев жорий мавсумда Россия Премьер-лигаси ва мамлакат кубоги баҳсларида жами 23 маротаба майдонга тушиб, учта гол ва олтита ассист муаллифи бўлди. Шунингдек, универсал футболчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўйинлари сонини ҳам 23 тага етказиб, уларда рақиблар дарвозасини 7 бор ишғол қилган.

Читайте на 123ru.net