Португалия клублари қизиқиб қолган футболчини "Динамо" қандай сақлаб қолди?

Маълумки, Самарқанднинг “Динамо” клуби қишки тайёргарлик ва шу билан бирга селекция ишларини ҳам олиб боряпти. Бош мураббий Вадим Абрамов янги ўйинчиларни таклиф қилишдан ташқари ўтган йилги таркибда ўйнаганлардан бу йил ҳам ишонч билдираётганларини сақлаб қолиш ҳаракатида юрибди. Ана шундай футболчилардан бири Жаҳонгир Ўрозов.

Хабарингиз бўлса керак, 18 январь куни 21 ёшни қарши оладиган футболчи ўтган мавсумда “Динамо”да ижара ҳисобида тўп сурди. Ҳуқуқий томондан эса Туркиянинг “Эюпспор” жамоасига тегишли ҳисобланади. Чемпионат тугаганидан кейин унинг масаласи табиийки, яна турк клуби билан ҳал қилиниши лозим эди. Бу борада “Динамо” яна футболчининг менежери билан музокараларга киришди.

Рости, Ўрозов учун курашда яна янги вариантлар ҳам пайдо бўлди ва айниқса Португалия Суперлигаси жамоалари Жаҳонгирнинг истеъдодини пайқаб қолган ҳолда унга кўз тика бошладилар. Шу боис “Динамо” учун бу футболчини таркибда сақлаб қолиш осон жараён эмасди. Лекин якунда томонлар яна бир тўхтамга келдилар. Қолаверса, унинг ўзига ҳам Самарқандда тўп суриш анча манзур келди ва янада ўсиши учун имконияти катталигини ҳис қилди. Унинг мақсади албатта Европада тўп суриш ҳамда бу истагига вақти келиб албатта эришишига ишонмоқда.

Дарҳақиқат, “Динамо” Ўрозов билан барча масалани келишиб қўйди. Фақат турк клубининг розилигини олиш қолди, холос. “Динамо” уни ё сотиб олади ёки ижара эвазига қўлга киритади. Асосийси, 2025 йилни ҳам футболчи самарқандликлар сафида ўтказади. Вадим Абрамов уни жамоада асосий фигуралардан бири сифатида кўрмоқда.

2025 йил Ўрозов учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда. У Абрамов қўл остида янада порлаши катта эҳтимол. Уни келажаги порлоқ ва шу боис ҳам мураббий Жаҳонгирни қандай бўлмасин жамоада олиб қолиш учун курашди ва бунга эришди.

Бундан ташқари, футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси устози Сречко Катанецнинг эътиборига ҳам тушиб қолди. Натижада 20 январда бошланадиган терма жамоамизнинг янги йилдаги илк йиғинига чақирув олди. Агар Жаҳонгир термада ҳам ўз истеъдодини кўрсата олса, Абдуқодир Ҳусанов билан ҳимояда ишончли тандем бўлиши шубҳасиз. Бу эса бизга яна янги иқтидорни кашф этилаётганини кўрсатиб беради. Асосийси, Жаҳонгирга ишонч билдирилса ва у ўз устида ишлашда давом этса, шубҳасиз футболчини ёрқин келажак кутяпти. Акс ҳолда Абрамов уни “Динамо”да олиб қолиш учун бунчалик курашмаган бўларди.

Манба: Sports.uz

Читайте на 123ru.net