Каннаваро қуръа олдидан: Ўзбекистон учун омадли гуруҳ кутяпмиз (видео)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро бугун кечки соатда ўтадиган 2026 йилги Жаҳон чемпионати қуръа маросими олдидан ўзидаги кайфият ва кутилмалар ҳақида баёнот берди. Итальян мутахассисига кўра, бугунги тадбир нафақат жамоа, балки бутун мамлакат учун муҳим тарихий лаҳза ҳисобланади.
Каннаваро ўз чиқишида шундай деди:
«Ростини айтсам, барчамизнинг қалбимиз ҳаяжон билан тўлган. Жаҳон чемпионати учун рақибларимиз ким бўлишини билмасак-да, шунга қарамай, барчамиз маросимни катта қизиқиш билан кутяпмиз. Умид қиламанки, қуръа Ўзбекистон учун омадли келади ва бутун ўзбекистонлик мухлислар ҳам бундан хурсанд бўлади. Нима бўлганда ҳам, биз ҳар қандай рақибга қарши курашишга тайёрмиз».
Маълумки, тарихда илк бор мундиалга йўл олган Ўзбекистон учун бу қуръа жуда катта аҳамиятга эга. Ҳар бир мухлис, ҳар бир мутахассис жамоамизнинг қайси гуруҳга тушишини интиқлик билан кузатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қуръа ташлаш маросими Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади. Мухлислар бугунги кечани нафасини ичига ютиб кузатиши шубҳасиз — чунки 2026 йил тарихий сафаримизга қайси рақиблар тушиши шу бугун маълум бўлади.