Компани 17 ёшли Карлнинг жасоратини махсус таъкидлади
Чемпионлар лигаси умумий босқичи 6-турида “Бавария” ўз уйида “Спортинг”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, муҳим ғалабага эришди. Учрашувдан сўнг мюнхенликлар бош мураббийи Венсан Компани жамоа ўйини, рақибнинг салоҳияти ва энг муҳими — 17 ёшли истеъдод Леннарт Карлнинг майдондаги ҳаракатларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Компанининг таъкидлашича, “Спортинг” юзасидан вазият кутилганидан ҳам мураккаброқ бўлган:
— “Спортинг” жуда жиддий рақиб. Улар Чемпионлар лигасида топ-8 жамоалар қаторига бежиз кира олмаган. Биринчи бўлиб гол ўтказиб қўйган бўлсак ҳам, биз шошилмадик, ўйинни ўз қўлимизда ушлаб турдик ва вазиятни ўз фойдамизга бурдик, — деди мураббий.
Компани, айниқса, жамоанинг энг ёш ҳужумчиларидан бири бўлган Леннарт Карлнинг ўйинига юқори баҳо берди. Унга кўра, бугунги ўйин Карлнинг энг яхши ўйинларидан бири бўлмаган бўлса-да, у барибир доим рақиб ҳимояси учун жиддий таҳдид яратади:
— Леннарт ҳар доим хавфли. Ростини айтсам, бугунги ўйини унинг энг яхши ўйинларидан бири эмас. Лекин у қандайдир вазият пайдо бўлиши биланоқ ҳақиқий “қотил”га айланади. Бу хусусият 17 ёшли футболчи учун катта устунлик. У ҳали ўсишда, аммо ҳар қадамида тараққиёт бор, — дейди Компани.
Шунингдек, мураббий жамоа аъзоларидан бири — Алфонсо Дэвиснинг узоқ танаффусдан кейин сафга қайтгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
— Фонзининг қайтгани ҳаммамизни хурсанд қилди. Умумий ҳисобда тўққиз ой ўтди. Бу жуда катта йўқотиш эди, эндиликда эса биз учун улкан плюс, — деди Компани.
Мюнхенликлар ўйинидан кўринадики, жамоа ёшлар билан тажрибали футболчилар уйғунлигини топиб бормоқда. Айниқса, 17 ёшли Карлнинг ўсиш суръати келажак учун катта ишонч уйғотмоқда.