Керимов: Ўзбекистон ЖЧ-2026да "қўрқмас ўйин" кўрсатиши шарт

2026 йилги жаҳон чемпионатига йўл олган барча терма жамоалар қаторида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам тарихий биринчи мундиалга жиддий ва пухта тайёргарликни бошлаб юборган. ФИФА томонидан қуръа ташлаш маросими ўтказилганидан сўнг, мутахассислар ва шарҳловчилар юртимиз жамоасининг имкониятларини фаол таҳлил қилмоқда.

АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган йирик мусобақада дебют қиладиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси “К” гуруҳидан жой олди. Бу ерда рақиблар жиддий: Португалия ва Колумбия – жаҳон футболида ўз ўрнига эга бўлган, ҳақиқий грандлар қаторига кирадиган жамоалар. Учинчи рақиб эса плей-офф босқичидан кейин — Ямайка, Янги Каледония ёки Конго Демократик Республикасидан бири сифатида аниқланади.

Россиянинг Okko сервиси шарҳловчиси Эльвин Керимов қуръа натижаларини ўрганган ҳолда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон учун гуруҳ осон эмас, аммо бу футболчилар учун ўзига хос синов ва кучли мотивация манбаидир.

— Португалия ва Колумбия — топ-даражадаги жамоалар. Плей-оффдан келадиган рақиб аввалгиларга қараганда нисбатан енгилроқ кўриниши мумкин, лекин барибир гуруҳ оғир. Шундай бўлса-да, асосийси — мундиалдан завқ олиш, ўзини жаҳонга намойиш этиш ва ўз услубидан чекинмасликдир, — дейди Керимов.

Шу билан бирга, у жамоадаги мотивация ва иштиёқ юқорилигини алоҳида таъкидлади. Бош мураббий Фабио Каннаваро учун ҳам бу — биринчи йирик турнирдир.

— Ўзбекистон муносиб ўйин кўрсата олади. Энг муҳим нарса — рақиблардан қўрқмаслик, майдонда ишонч билан ҳаракат қилиш ва ўз услубини йўқотмаслик. Қисқа форматдаги бундай нуфузли мусобақаларда айнан шу омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга, — дея қўшимча қилди шарҳловчи.

Ўзбекистон дебюти қачон?

Мундиалдаги биринчи ўйин 18 июнь куни Мексикада бўлиб ўтади — рақиб Колумбия. Ушбу учрашув нафақат гуруҳ тақдирини, балки ўйин кайфиятини ҳам белгилаб бериши мумкин.

23 июнь куни эса миллий жамоамизни янада катта қизиқиш билан кутилаётган баҳс — Португалияга қарши тўқнашув кутмоқда. Гуруҳдаги сўнгги беллашув 27 июнда плей-оффдан ўтган рақибга қарши АҚШда ўтказилади.

Мундиалга йўл олган Ўзбекистон учун бу тарихий имконият. Мухлислар эса жамоанинг иродаси, характери ва жаҳон саҳнасидаги биринчи қадами қандай кечишини ҳаяжон билан кутмоқда.

Читайте на сайте