"Реал" мухлислари Хаби Алонсога қўллаб-қувватлов кўрсатди
Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи Хаби Алонсога босим ортиб бормоқда. Жамоа Чемпионлар лигасида "Манчестер Сити"га ўз майдонида 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Сўнгги саккиз учрашувда "Реал" фақат икки марта ғалаба қозонган ва матбуотда мураббий алмашинуви ҳақида гаплар кучаймоқда. Шунга қарамай, ElDesmarque нашрининг хабарига кўра, бир неча мухлис Алонсога стадиондан чиқиб кетаётганда мурожаат қилиб, уни қўллаб-қувватлашган.
Улардан бири шундай деди: "Сабр қилинг, Хаби. Биз сизга ишонамиз."
Эслатиб ўтамиз, испан мутахассиси июн ойида Карло Анчелоттининг ўрнига "Реал" бош мураббийи этиб тайинланган эди.