Фабрегасга кўра Алонсо учун энг асосий вазифа нима экани маълум бўлди
Италиянинг «Комо» клубини сўнгги пайтларда барқарор ва ишончли бошқариб келаётган испаниялик мураббий Сеск Фабрегас ёзда «Реал» бош мураббийи этиб тайинланган ҳамкасби Хаби Алонсонинг Мадридда дуч келаётган энг катта муаммоси ҳақида фикр билдирди.
Фабрегаснинг таъкидлашича, «Қироллик клуби»даги асосий қийинчилик тактика ёки футболчиларнинг маҳорат даражаси эмас, балки юлдузларга бой жамоани бошқариш масаласидир. Унинг сўзларига кўра, «Реал»даги деярли барча футболчилар ўзини асосий таркиб ўйинчиси деб ҳисоблайди.
— «Реал»даги футболчиларнинг барчаси жуда юқори савияда. Ҳар бири майдонга тушишга, ҳал қилувчи роль ўйнашга лойиқ деб ўйлайди. Улардан ҳар бири катта суммага баҳоланган, терма жамоаларида ўйнайдиган юлдузлар. Ана шу гуруҳни бошқариш — мураббий учун ўта мураккаб вазифа», — деди Фабрегас Marca нашрига берган интервьюсида.
Маълумки, Хаби Алонсо бунгача «Байер» клубида муваффақиятли фаолият олиб бориб, Леверкузен жамоасини ўз тарихида илк бор Германия чемпионига айлантирган эди. Шу сабабли «Реал» раҳбарияти уни катта ишонч ва умидлар билан бош мураббийликка таклиф қилди.
Бироқ Мадридда вазият анча мураккаб. Манбаларга кўра, жамоанинг айрим етакчи футболчилари Алонсонинг иш услуби ва талабларини тўлиқ қабул қилмаган. Бу эса жамоа ичидаги муҳитга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Сўнгги ўйинларда «Реал»нинг ўйинидаги беқарорлик ва натижалардаги тушиш айнан ички рақобат, ўзаро ишонч муаммолари билан боғлиқ экани айтилаяпти. Фабрегаснинг фикрича, Алонсо учун энг асосий вазифа — юлдузлардан иборат жамоада умумий интизом ва ягона мақсадни шакллантириш бўлади.
Қисқаси, Мадридда тактикадан ҳам қийини — эгоси кўп бўлган «қайиқ»ни бир йўналишда олиб кетиш. Лекин Алонсо бу босимга дош бера олса, «Реал» яна ўз йўлига қайта олиши мумкин.