Таниқли портал талқини: АПЛда ҳозирги энг кучли футболчилар...

GiveMeSport портали айни пайтда Англия Премьер-лигасида тўп сураётган энг яхши футболчилар бўйича ўз рейтинги билан ўртоқлашди. Мутахассислар ва таҳририят баҳоларига кўра, рўйхатнинг энг юқори поғонасини "Манчестер Сити" ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд эгаллади. Голлар сермаҳсуллиги, жисмоний устунлиги ва ҳал қилувчи палладаги самарадорлиги уни рақобатчиларидан ажратиб қўйган.

Иккинчи ўринда "Арсенал" яримҳимоячиси Деклан Райс қайд этилди. У майдон марказидаги барқарор ўйини, жамоавий ҳаракатдаги роли ва етакчилик фазилатлари билан мутахассислар эътиборини қозонган.

Кучли учликни эса ҳозирда "Сандерленд" шарафини ҳимоя қилаётган Гранит Жака якунлади. Унинг тажрибаси, ўйинни ўқиш қобилияти ва майдондаги мувозанат яратиш маҳорати юқори баҳоланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур рейтингнинг илк ўнталигидан "Ливерпул" футболчилари жой олмади. Бу эса мухлислар орасида турли мунозараларга сабаб бўлмоқда.

GiveMeSport версиясига кўра, айни пайтда АПЛда энг юқори даражада ўйнаётган Топ-10 футболчи қуйидагилар:

  1. Эрлинг Ҳоланд («Манчестер Сити»)

  2. Деклан Райс («Арсенал»)

  3. Гранит Жака («Сандерленд»)

  4. Антуан Семенё («Борнмут»)

  5. Морган Роджерс («Астон Вилла»)

  6. Фил Фоден («Манчестер Сити»)

  7. Мойзес Кайседо («Челси»)

  8. Габриел Магаляйш («Арсенал»)

  9. Жереми Доку («Манчестер Сити»)

  10. Рис Жеймс («Челси»)

Ушбу рейтинг мавсумнинг ҳозирги қисмида футболчиларнинг формаси ва таъсирини акс эттириб, АПЛда рақобат нақадар кескин эканини яна бир бор намоён этди.

Читайте на сайте