Гвардиола очиқлади: «Сити» инқироздан қачон чиқди?
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоаси ўйинидаги салбий палла қачон ортда қолгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. 27 декабрь куни «шаҳарликлар» Англия Премер-лигасининг 18-турида сафарда «Ноттингҳем Форест»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва шу билан ўзининг яхши формаси тасодиф эмаслигини яна бир бор исботлади.
Қизиғи, ўтган мавсумнинг 28-турида айнан «Форест» ўз майдонида Гвардиола жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган ва ўша ўйин «Сити» учун оғир палланинг бир қисми сифатида эсда қолганди. Бу гал эса вазият мутлақо бошқача тус олди — жамоа майдонда ишонч, сабр ва ғалабага чанқоқлик билан ҳаракат қилди.
Гвардиоланинг таъкидлашича, бурилиш нуқтаси АҚШда бўлиб ўтган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин кузатилган.
«Бу жуда муҳим давр бўлди. Ҳамма нарса АҚШдаги клублар жаҳон чемпионатидан кейин ўзгарди. Биз ўша пайтда барча жиҳатларни чуқур таҳлил қилдик, кўп мулоқот қилдик ва муҳим қарорлар қабул қилдик. Ҳозир бу жараён изчил давом этяпти», — деди испаниялик мутахассис.
Гвардиола жамоадаги ўзгаришлар фақат натижаларда эмас, балки футболчиларнинг руҳиятида ҳам яққол сезилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, майдондаги тана тили, голлардан кейинги ҳис-туйғулар, мухлислар билан алоқа — буларнинг барчаси жамоа қайта жонланаётганидан далолат беради.
«Мухлислар бизнинг ҳақиқатан ҳам курашаётганимизни кўряпти. Бу эса энг асосий жиҳат», — деди Гвардиола.
«Ноттингҳем Форест» устидан қозонилган навбатдаги ғалабадан кейин «Манчестер Сити»нинг Премер-лигадаги ғалабалар серияси олти ўйинга етди. Бу ҳолат жамоа инқирозни ортда қолдиргани ва яна чемпионлик пойгасида жиддий кучга айланганини яққол кўрсатиб турибди.