Роналдунинг улкан орзуси: 1000 голлик тарихий марра...

«Ан-Наср» ҳамда Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду навбатдаги бор дунё футбол жамоатчилигининг диққат марказида бўлди. Саудия Арабистонида ўтган Globe Soccer Awards маросимида қатнашган португалиялик юлдуз фаолиятидаги энг катта мақсадларидан бири ҳақида очиқ гапирди. Унинг айтишича, карьераси давомида 1000 та гол уриш — асосий орзуларидан бири.

Роналду ушбу маросимни алоҳида илиқ сўзлар билан тилга олди. Унинг таъкидлашича, Globe Soccer Awards унга энг яқин ва севимли тадбирлардан бири ҳисобланади. Бу ерда у нафақат футбол оламининг машҳур ва нуфузли намоёндаларини, балки ўзи учун энг азиз инсонларни ҳам кўради.

Айниқса, уни доим қўллаб-қувватлаб келаётган турмуш ўртоғи — Жоржина Родригес, фарзандлари, ота-онаси ҳамда жамоадошларининг ёнида бўлиши Роналду учун катта бахт эканини алоҳида қайд этди. Футболчига кўра, айнан шу қўллаб-қувватлаш уни янада олдинга ундайди.

Португалиялик ҳужумчи очиқчасига тан олдики, йиллар ўтиб борган сари юқори даражада ўйнаш осон эмас. Бироқ иштиёқ ва футболга бўлган муҳаббат барча қийинчиликлардан устун туради. Роналду ҳали ҳам ўзида кучли мотивация борлигини, шу сабабли майдонни тарк этиш ҳақида ўйламаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, у ҳали ҳам гол уришдан, ғалабаларга ҳисса қўшишдан ва совринлар ютишдан завқ олади. Шу руҳ ва ишонч билан у фаолиятини давом эттирмоқчи.

"Мен ҳануз жуда мотивацияга бойман, шунинг учун ҳамон футбол ўйнаяпман. Доим ўйнагим, гол ургим, совринлар ютгим келади. Шу йўлда давом этишни истайман", - деди Роналду.

Энг асосийси эса — ҳаммага маълум бўлган ўша рамзий рақамга етиш. Роналду 1000 та гол маррасига албатта етишига ишонади. Фақат жароҳатлар халал бермаса, у бу мақсадга қадамма-қадам яқинлашишини таъкидлади. Сўз охирида эса у барча мухлисларни Янги йил билан самимий табриклади.

Айни пайтда Криштиану Роналду ҳисобида кеча қайд этилган дублдан сўнг жами 956 та гол мавжуд. Шунингдек, у кетма-кет учинчи бор Яқин Шарқда йилнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди. Демак, тарихий 1000 голлик чегара энди афсона эмас — у жуда яқин.

Читайте на сайте