Вадим Абрамов 1 млн долларлик шартномадан нега воз кечган эди?

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, ҳозирда Самарқанднинг "Динамо" клубини бошқараётган Вадим Абрамов Қозоғистондаги фаолияти билан боғлиқ муваффақиятсиз тажрибаси ҳақида гапириб берди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.

Мутахассис бу фикрларни "Тураевнинг финтлари" подкастида билдирди. Унинг айтишича, 2013 йилда у "Астана" клубига бош мураббий бўлиб келган, бироқ орадан икки ҳафта ўтиб клуб раҳбарияти алмашгани сабаб ҳамкорлик якунланган.

Абрамов таъкидлашича, у бир ҳафта давомида жамоанинг ички ҳолатини ўрганиб чиққан ва муаммо жуда жиддий эканини кўрган: таркибда ўз футболчилари деярли йўқ, аксарият ўйинчилар ижара асосида эди. Шунга қарамай, унга 1 млн долларлик шартнома таклиф қилинган.

“Вазифа чемпион бўлиш эди, лекин жамоада футболчи йўқ — ҳаммаси ижарада. Бундай шартномани нормал мураббий имзоламайди. Кейин эҳтимол афсуслангандирман, аммо ўша пайт: ‘Футболчиларингиз қани? Мен ким билан ўйнайман?’ дедим”, — дея Абрамовнинг сўзлари келтирилди.

Мураббий ўша пайтдаги раҳбар футболга унчалик яқин бўлмаганини ҳам қўшимча қилди. Унинг айтишича, раҳбарият ўзгарганига қарамай клубда қолиб, шартномани имзолаши мумкин эди, бироқ истиқболни кўрмагач, жамоани тарк этишга қарор қилган.

“Бундан ташқари, Астанада жуда совуқ эди, Тошкентга қайтгим келди”, — дея хулоса қилди мутахассис.

Читайте на сайте