Касильяс ҳимоя қилди: Алонсога танқидлар ҳали эрта...
“Реал”нинг собиқ рақами биринчи дарвозабони Икер Касильяс мадридликлар бош мураббийи Хаби Алонсо атрофида айланаётган танқидларга муносабат билдирди. Унга кўра, ҳозир Алонсога қилинаётган босим ҳам, муносабат ҳам адолатдан йироқ.
Касильяснинг айтишича, Хаби Алонсо футболни “ичидан” биладиган, замонавий ўйинни тушунадиган мутахассис. “Реал” каби клубда эса ҳар куни шов-шув, гап-сўз ва талаб юқори бўлиши табиий. Аммо Икернинг фикрича, баъзи мухлислар ва муҳит ҳозирги воқеликни унутяпти: мавсум ҳали ўртаси, декабрь — охирги хулоса қилиш вақти эмас.
У бунга жуда содда мисол келтирди: агар жамоа “Барселона”дан 12 очкога ортда қолган, устига-устак Кубокдан ҳам чиқиб кетган бўлса — у ҳолда танқидни тушуниш мумкин эди. Лекин вазият ундай эмас экан, демак ҳозирги реакциялар ортиқча ва тушунарсиз.
Касильяс бу ҳолатни мактабга қиёслади: болангиз мактабга боради, баҳолар олади, лекин ҳақиқий натижалар ва умумий баҳо йил охирида — июнь ойида кўринади. Футболда ҳам худди шундай: декабрда “ҳукм” чиқариш — шошқалоқлик.
Қисқаси, Касильяснинг позицияси аниқ: Алонсони ҳозир танқид қилишдан кўра, унга вақт бериш керак. “Реал”да ҳар доим босим бўлади, лекин ҳақиқий баҳони мавсум охирида қўйиш тўғрироқ.