«Арсенал» «Бавария» ярим ҳимоячиси Леон Горетцкани кўзламоқда
Мюнхеннинг «Бавария» клуби сафида тўп сураётган Леон Горетцка фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин — Лондондаги «Арсенал» варианти жиддий муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
30 ёшли ярим ҳимоячининг «Бавария» билан амалдаги шартномаси олти ой ичида якунланади. Шу ҳолат трансфер бозорида унга бўлган қизиқишни янада оширди. Журналист Экрем Конур хабарига кўра, Горетцканинг вакиллари «Арсенал» билан боғланган. Футболчи учун курашда «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» ҳам тилга олинмоқда. Январда трансфер бўлиши эҳтимолдан холи эмас, бироқ ёздаги ўтиш кўпроқ реал вариант сифатида кўрилмоқда.
Аввалроқ Горетцкага «Ювентус», «Наполи», Мадриднинг «Атлетико»си, шунингдек «Галатасарой» ва «Фенербахче» ҳам қизиқиш билдиргани айтилганди. Transfermarkt порталида германиялик футболчининг баҳоси 15 миллион еврога тенг.