«Комо» «Удинезе» устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонди
«Комо» 2026 йилни ўз майдонида «Удинезе» устидан қийин кечган 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади. Учрашув А Сериянинг 18-тури доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
18-дақиқада Алберто Морено жарима майдонида Якуб Пйотровски томонидан йиқитилди ва ҳакам пенальти белгилади. Жамоа сардори Лукас Да Куня 11 метрлик зарбани марказдан аниқ ижро этиб, ҳисобни очди.
56-дақиқада Николо Дзаньоло дарвозабон Жан Бютезни ортда қолдириб гол урди, бироқ эпизодда кичик офсайд қайд этилгани учун гол бекор қилинди. Орадан тўрт дақиқа ўтиб, жарима майдонида тўпни эгаллаб олган Анастасиос Дувикас кучли зарба берди, аммо тўп «Удинезе» дарвозаси тўсинига тегди.
Ушбу ғалаба «Комо»нинг Еврокубоклар зонаси атрофидаги ўрнини мустаҳкамлади: жамоа 30 очко билан 6-поғонада бормоқда. «Удинезе» эса 22 очко билан 11-ўринда қолди.