Ўзбекистон — Хитой: тарих биз томонда, чорак финал олдидан...

Саудия Арабистони яшил майдонларида давом этаётган U-23 Осиё кубоги мусобақаси энди энг қизиқ, энг ҳал қилувчи босқичига кирди. Гуруҳ баҳслари ўз якунига етди: 16 терма жамоадан 8 таси мусобақа билан хайрлашди, яна 8 жамоа эса чорак финалда орзуси учун курашни давом эттиради. Гуруҳларда 1 ва 2-ўринни эгаллаган термалар эндиликда плей-оффда майдонга чиқиб, ҳар бир хатонинг нархи оғир бўладиган ўйинларга тайёргарлик кўряпти.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси “C” гуруҳини пешқадам сифатида тугатиб, ўз мақсадини аниқ кўрсатди: чорак финалга йўлланма қўлга киритилди. Энди навбатдаги тўсиқ — Хитой. Рақиб “D” гуруҳида Ироқ (0:0), Австралия (1:0) ва Таиланд (0:0)га қарши баҳсларда 5 очко жамғариб, кейинги босқичга чиқиб келди. Қисқача айтганда, Хитой кам гол уради, кам ўтказади, ўйинни “қулфлаб” қўя оладиган жамоа. Демак, бизга сабр, тўғри қарор ва якка вазиятлардаги совуққонлик керак бўлади.

Ўзбекистон — Хитой: ўзаро ҳисоб-китобларда устунлик бизда

Энг қизиғи — бу жуфтликда тарих кўп нарсани айтиб турибди. Ўзбекистон ва Хитой U-23 терма жамоалари Осиё кубоги доирасида шу кунга қадар уч марта тўқнаш келган ва учовида ҳам ғалаба байроғи бизда бўлган. Бу — шунчаки статистика эмас, бу — психологик устунлик ҳам.

1) 2013 йил (U-22 турнири):
Илк бор ташкил этилган мусобақада гуруҳ босқичида Хитой билан рўбарў келган жамоамиз Кримец ва Сергеевнинг голлари эвазига ғалаба қозонган: Ўзбекистон - Хитой 2:1.

2) 2018 йил (Хитой мезбонлигида):
Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоамиз айнан Хитойда чемпион бўлган ўша турнирда гуруҳда мезбон термани Алижоновнинг ягона голи билан енгган: Хитой - Ўзбекистон 0:1.

3) 2020 йил (Таиланд):
“C” гуруҳидаги баҳсда Қобилов ва Тўхтасинов гол уриб, ишончли ғалаба қайд этилган: Ўзбекистон - Хитой 2:0.

Шунингдек, жамоалар ўртасида халқаро ўртоқлик учрашувлари ҳам тез-тез ўтказиб келинади. Энг яқини — 2025 йил ноябрда Хитойда ташкил этилган халқаро турнирдаги тўқнашув бўлиб, ўша баҳс 0:0 ҳисобида якунланган. Яъни, Хитой бизга қарши ўйнаганда эҳтиёткор режани танлайди, майдонни қисқартиради, темпни пасайтиради. Биз эса бундай “музлатилган” ўйинни ҳам бузиб, имконият топишни билишимиз керак.

Ярим финалга йўл қаердан ўтади?

Чорак финалда ғалаба қозонган жамоа ярим финалда Ветнам — БАА учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс 20 январь куни бўлиб ўтади. Демак, бу босқичдан ўтсак, кейинги қадам ҳам тайёр: рақиб номаълум эмас, имкониятлар ҳам очиқ.

Ўйин қачон ва қаерда?

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги чорак финал учрашуви 17 январь куни Тошкент вақти билан 16:30 да старт олади. Баҳс Жидда шаҳридаги “Prince Abdullah Al Faisal Sports City” стадионида бўлиб ўтади.

Хулоса битта: тарих ҳам, тажриба ҳам биз томонда. Лекин плей-оффда “кечаги ғалабалар” гол урмайди — голни бугун майдонда уриш керак. Шунинг учун ҳам жамоамизга бир нарса керак: хотиржамлик, интизом ва охиригача кураш. Қолгани — футболнинг ўз завқи.

Читайте на сайте