«Барселона» «Генк»дан ёш марказий ҳимоячи топди
«Барселона» Белгиянинг «Генк» клубида тўп сураётган марказий ҳимоячи Ювенлсли Онстейнни ўз сафига қўшиб олишга яқин. Инсайдер Маттео Моретто хабарига кўра, томонлар трансфер шартлари бўйича келишувга яқинлашган, 18 ёшли футболчининг ўзи ҳам «кўк-анорранглилар» таклифига розилик билдирган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Нидерландиялик иқтидор ҳозирча «Генк»нинг иккинчи жамоасида ўйнайди ва асосий таркибда дебют қилмаган. Шунга қарамай, Каталония клуби унинг салоҳиятига ишонмоқда ва футболчи учун узоқ муддатли ривожланиш режасини ишлаб чиқмоқда.
Онстейн «Ёнг Генк» сафида Белгия иккинчи лигасида 20 та учрашувда майдонга тушган. Марказда тўп суришдан ташқари, ҳимоянинг чап қанотида ҳам ўйнай олади. Аввалроқ у «Аякс» академиясида тарбия олган, Transfermarkt сайти эса футболчини 200 минг евроға баҳолаган.