Игор Дивеев Подольски, Швайнштайгер ва Озил билан суратни эслади

«Зенит» ва Россия терма жамоаси ҳимоячиси Игор Дивеев архивдаги суратини мухлислар билан бўлишди. Унда 10 ёшли Дивеев Германия терма жамоаси футболчилари ёнида тасвирга тушган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.

Кадрда Лукас Подольски, Бастиан Швайнштайгер ва Месут Озил кўринади. Фотосурат Россия – Германия ўртасидаги ЖЧ–2010 саралаш учрашуви олдидан олинган бўлиб, ўша пайтда ёш Дивеев футболчилар билан бирга майдонга чиққан.

«Терма жамоамиз билан майдонга илк бор чиқишим! Рост, Подольски, Швайнштайгер ва Озил билан бирга», — деб ёзди Дивеев.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил октябрида Москванинг «Лужники» стадионида ўтган ўйинда Россия Германияга 0:1 ҳисобида ютқазган, ягона гол муаллифи Мирослав Клозе бўлганди.

Читайте на сайте