Мбаппенинг дубли "Реал"ни сафарда ишончли ғалабага етаклади (видео)
Испания Ла Лигасининг 21-тури доирасида Мадриднинг "Реал" жамоаси сафарда қийин рақиблардан бири ҳисобланган "Вильярреал" меҳмони бўлди ва 2:0 ҳисобида жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. “Эстадио де ла Серамика”да кечган беллашувда ўйин тақдирини тўлиқ равишда Килиан Мбаппе ҳал қилди.
Танаффусдан кейин “қироллик клуби” ўйин суръатини оширди. 47-дақиқада Винисиус Жуниорнинг фаол ҳаракати ва ҳимоячидан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Мбаппе аниқ зарба билан ҳисобни очди. Бу гол меҳмонларга ишонч бағишлаб, ўйинни тўлиқ назорат қилиш имконини берди.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида “Вильярреал” ҳисобни тенглаштиришга уринди, аммо ҳимоя ва Куртуанинг ишончли ўйини бунга йўл қўймади. Қўшиб берилган вақтда эса мадридликлар пенальти ишлаб олди. 94-дақиқада Мбаппе 11 метрлик жарима зарбасини совуққонлик билан амалга ошириб, дубл қайд этди ва баҳсга якуний нуқтани қўйди.
Ла Лига. 21-тур
Вилярреал — Реал 0:2
24 январ, «Керамика»
Голлар: Мбаппе (47, 90+4 пеналти).
Вилярреал — Жуниор, Бюкенен (Пепе, 70), Вейга, Гуйе, Микаутадзе (Перес, 76), Молейро, Морено (Олувасейи, 70), Наварро, Парехо (Парти, 77), Педраса, Фойт.
Реал — Куртуа, Валверде, Асенсио, Ҳейсен, Каррерас, Камавинга, Беллингҳэм, Гулер (Диас, 80), Мастантуоно (Гонсало Гарсия, 74), Винисиус, Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Фойт (2), Бюкенен (51), Наварро (57), Мастантуоно (62).
Шу тариқа, навбатдаги ғалабадан кейин “Реал” очколарини 51 тага етказди ва бир ўйин кам ўтказган “Барселона”ни ортда қолдирган ҳолда турнир жадвалида пешқадамга айланди. 41 очкоси бор “Вильярреал” эса 4-поғонага тушиб қолди.
Мадридликлар учун бу зафар нафақат турнир нуқтаи назаридан, балки психологик жиҳатдан ҳам катта аҳамият касб этди. Мбаппенинг юқори формада экани эса мавсумнинг ҳал қилувчи палласи олдидан мухлислар умидини янада оширди.