Самвел Бабаян: "Суперлига — 2026" энг қизиқарли мавсум бўлади

«Андижон» бош мураббийи Самвел Бабаян «Каспий»га қарши ўртоқлик учрашувидан (0:1) кейин ва Суперлига қуръаси ҳақида клуб матбуот хизматига ўз мулоҳазаларини билдирди. Мураббийнинг айтишича, жамоа мавсум олдидан тайёргарликни изчил давом эттирмоқда, Анталиядаги баҳс эса режанинг муҳим бир нуқтасини “ёпиб берган”.

Бабаян таъкидлаганидек, «Каспий» билан ўйин жисмоний тикланиш ва юкламага бой бўлган тайёргарликнинг биринчи босқичини якунлайдиган синов вазифасини ўтаган. Ушбу беллашувда асосий эътибор футболчиларнинг функционал ҳолатини кўтариш, ўйин формасини “қайтариш” ва суръатни ошириш каби жиҳатларга қаратилган.

Мураббий шу босқичда деярли барча футболчиларга имконият берилиб, ўйин вақти тенг тақсимланганини ҳам алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, чарчоқ шароитида ҳар бир ижрочининг индивидуал фазилатларини кўриш, ўйин салоҳиятини баҳолаш ҳамда таклиф этилаётган тактик моделга мослашиш даражасини аниқлаш жамоа учун жуда муҳим вазифа ҳисобланади.

Суперлига қуръаси ҳақида гапирар экан, Бабаян рақиб ким бўлиши ёки қачон тўқнаш келиши ҳал қилувчи омил эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, қуръанинг ўзи — мавсум эшиги қоқилаётганининг яққол белгиси. Шу сабаб, бу жараён мухлислар учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мураббий 2026 йилги чемпионат форматига ҳам тўхталиб ўтди: ҳар бир жамоа 15 та уйда, 15 та меҳмонда — жами 30 та ўйин ўтказади. Шу билан бирга, клубларнинг моддий-техник базаси сезиларли равишда яхшилангани, таркибни кучайтириш имкониятлари кенгайгани айтилди. Бабаянга кўра, бунинг натижасида ҳар бир жамоада сифатли футболчиларни таклиф қилиш, рақобатни кучайтириш учун шароит бор.

Якунда эса мураббий ишонч билан шундай хулоса қилди: 2026 йилги мавсум, эҳтимол, энг қизиқарли чемпионатлардан бирига айланади. Сабаби — кўплаб клублар юқори мақсадлар қўйган, “осон” учрашувлар деган тушунча деярли қолмайди. Мухлислар учун эса бу — ҳар турда интрига, ҳар ўйинда кураш дегани.

Читайте на сайте