Баҳодир Қурбонов Ўзбекистонда футболни рақамлаштириш режасини очиқлади

30 январ куни Тошкентда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгресси бўлиб ўтди. Йиғилиш якунида делегатлар бир овоздан Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбоновни ЎФА президенти лавозимига яна қайта сайлади.

Конгрессда Қурбонов 2025 йил давомида футболни рақамлаштириш йўналишида қилинган ишлар ва жорий йил учун қўйилган вазифаларни санаб ўтди. Унинг асосий фикри шундай: футболда “инсон омили” қанча камайса, шаффофлик шунча ортади, натижа эса эртага халқаро майдонда кўриниб боради.

Энг муҳим янгиликлардан бири — “Миллий футбол электрон платформаси” масаласи. Қурбоновнинг таъкидлашича, аввал футболчилар бўйича ягона умумий база йўқлиги сабаб клублар тайёрлов (машғулот) тўловлари каби ҳуқуқий-иқтисодий механизмлардан тўлиқ фойдалана олмаган. Энди эса футбол мактабига келган ҳар бир бола ва унинг мураббийи электрон рўйхатдан ўтказилиб, футболчининг ўсиш кўрсаткичлари тизимда қайд этилади ва мунтазам мониторинг қилиб борилади. Платформада рўйхатдан ўтган футболчи бўйича клубларга ФИФА трансфер тўловлари механизмлари орқали даромад олиш имконияти ҳам очилиши айтилди.

Қурбонов ҳакамлик йўналишига ҳам алоҳида урғу берди: учрашувларда адолат ва очиқликни кучайтириш мақсадида Футбол ҳакамлари академияси ташкил этилгани қайд этилди. У шу йўналишда аёллар ҳакамлари жамоасини шакллантириш ва уни кенгайтириш режаси борлигини ҳам айтди.

Шу билан бирга, раҳбар футбол мактаблари ва академияларида ҳали ҳам оғриқли нуқталар борлигини яширмади: ёшларни саралашда шаффофлик етарли эмаслиги, таниш-билишчилик ва маҳаллийчилик каби салбий ҳолатлар учраётгани таъкидланди. Ечим сифатида илмий ёндашув асосида янги саралаш тизими яратилиши, платформалар орқали иқтидорли ёшларнинг ўсиши кузатилиши ва турли ҳудуд мутахассислари иштирокида шаффоф селекция йўлга қўйилиши айтилди.

Қисқаси, конгрессдан чиққан асосий сигнал битта: ЎФА “қағозбозлик” эмас, тизимли назорат ва рақамли шаффофликка қаттиқ ўтяпти. Агар айтилган режалар амалда ҳам тўлиқ ишласа, бу футболимиз учун “ҳозирги натижа”дан ҳам муҳимроқ — келажакда кучли авлод тайёрлашга хизмат қиладиган инфраструктура дегани.

Читайте на сайте