Кэррик Олд Траффорд мўъжизаси ва Шешконинг 94-дақиқадаги голи ҳақида

Англия Премьер-лигаси доирасида «Олд Траффорд» яна бир бор ўзининг “алоҳида саҳна” эканини исботлади. «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Кэррик «Фулхэм» устидан 3:2 ҳисобидаги драматик ғалабадан кейин ўйин ҳақида фикр билдирди.

Учрашувнинг энг ҳал қилувчи лаҳзаси 94-дақиқада келди: Беньямин Шешко ўз голи билан стадионни “портлатиб”, жамоасига уч очкони тортиқ қилди. Қисқаси, охирги дақиқадаги гол — бу ерда оддий ҳолат эмас, бу «Олд Траффорд»нинг классикаси.

Кэррикнинг айтишича, бу стадионда доим ўзига хос воқеалар содир бўлади ва ғалабанинг асосий муаллифлари — майдондаги йигитлар.

Мураббий ҳафта давомида жамоага турли саволлар берилганини ҳам яширмади. Хусусан, паст ҳимояни қандай бузиш, ғалаба шарт бўлган ўйинларда қандай ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида кўп гап бўлган. Бироқ Кэррик бугунги баҳс айнан шу қолипга тушмаслигини таъкидлади.

Чунки «Фулхэм» — ҳақиқатан ҳам жиддий рақиб. Кэррикнинг фикрича, уларга қарши ўйинда жамоа бир қатор қийин “саволлар”га амалда жавоб беришга мажбур бўлган. Ва бу тестдан «Юнайтед» ўтди.

Мураббий футболчиларининг руҳий барқарорлигини алоҳида эътироф этди. Айниқса, ўтган ҳафта сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборганидан кейин ҳам жамоа ўзини йўқотмай, олдинга интилгани ва «Арсенал»га қарши 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганини эслади. Бу сафар эса, унинг таъбири билан айтганда, янада оғирроқ бўлди, аммо барибир “Бенжи учун” ғалаба голини топишди.

Кэррик Шешко ҳақида гапирганда очиқчасига хурсандлигини яширмади: мураббийнинг таъкидлашича, у бу лаҳзага тўлиқ муносиб. Чунки Кэррик жамоага келганидан бери ҳужумчи машғулотларда ҳам, умумий муҳитда ҳам жуда яхши ишлаётган.

Мураббий бу ғалабани барча учун муҳим палла, айниқса Шешконинг ўзи учун катта туртки бўлишини айтди. Бу — ўйинчи учун хотирада узоқ сақланадиган ҳис-туйғу.

Кэррикнинг мазкур фикрлари «Sky Sports»га берган интервьюсида келтирилди.

Читайте на сайте