"Сити"да ой лауреати бўлган Ҳусановга бутун дунёдан олқишлар ёғилмоқда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”да яна бир ёрқин эътирофга сазовор бўлди. Клуб матбуот хизмати ўтказган овоз бериш натижасига кўра, 21 ёшли легионеримиз январь ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Қизиғи шундаки, у бу соврин йўлида тажрибали жамоадошлари – Жанлуижи Доннарумма ҳамда жамоа сардори Бернарду Силвани ортда қолдиргани айтилмоқда.

Бу хабар чиққани билан “Сити” мухлисларининг ижтимоий тармоқлардаги реакцияси ҳам алоҳида мавзу бўлди. Табриклар, муносабатлар, таҳлиллар – ҳаммаси жуда кўп. Энг кўп учраган фикр шундай: Ҳусанов совринга тўлиқ муносиб, у жамоа ҳимоясига вазминлик ва қаттиқлик олиб киряпти, Хосеп Гвардиола эса уни тез-тез асосий таркибда майдонга тушириши керак.

Мухлислар Ҳусановнинг ўйинида айнан икки жиҳатни кўпроқ таъкидлаган: тезлик ва тикланиш. Яъни ҳужумчи қочиб кетаман деса ҳам, Абдуқодир кўп ҳолатда етиб олишни, позицияни тўғри танлашни, тўпни олиб қўйишни билади. Шу боис, айрим фанатлар унинг ҳимоянинг ўнг қанотида ҳам жуда фойдали бўлишини эслаб ўтишган. Баъзилар эса аксинча, у марказий ҳимоячи сифатида айнан “бошқа даража”да эканини қайд этган.

Кеча керак бўлса, бугун ҳам “илтимос, уни захирага ўтқазманг” деган гап ижтимоий тармоқларда қайта-қайта айланди. Чунки мухлис учун битта нарса муҳим: майдонда ким иш беряпти – ўша ўйнасин. Қолгани эса, ростини айтганда, фанатларга “қоғоздаги режа”дек кўринади.

Қуйида “Сити” мухлислари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан айримлари келтирилади:

Pat Looker:
Совринга жуда ҳам лойиқ. Мен овозимни унга бердим. Ўйиндан ўйинга яхшиланяпмиз.

Karani W Derrick:
Илтимос, энди уни захирага ўтқазманг.

Huckii Ni Mejjah:
Нима учун Пеп Ҳусановни ўнг ҳимоячи сифатида ўйнатмай қўйди? У бу позицияда жуда яхши. Ҳусановни ўнг қанотга қўйса, марказда Рубен Диаш ва Марк Гехи билан бирга ўйнай олади.

Kind Quavor:
Ҳусанов ҳозир биздаги энг яхши ҳимоячи.

Chrizo Kristie:
Унинг тикланиш тезлиги энг юқори даражада. Бизга “Энфилд”да унинг хизмати жуда зарур. Айни пайтда у доимий асосий таркиб ўйинчиси бўлиши керак.

Nkeh Francis:
Сен энг яхшиси бўлиш учун барчасини қилаяпсан, Ҳусанов.

Ðizø Çøñcëpțs:
Ҳақиқатан ҳам бизнинг ўзбек юлдузимиз! Парвозингни давом эттир, Ҳусанов!

Robbie Mutimusakwa:
У Кайл Уокер каби жуда тез, чақмоқдек тезликка эга.

Vincent Makb:
Абдуқодир бу совринга чиндан ҳам лойиқ.

Steve Wilson:
Ҳусанов табассум қилди! Бунга лойиқ. Марказий ҳимоячилар ўйинини томоша қилиш ҳар доим ҳам ёқимли бўлавермайди. Лекин Абдуқодир бошқа масала.

Justin Siyunda:
Ҳусанов жуда агрессив. Жуда яхши ҳимоячи. Унинг агрессив услуби менга ёқади.

Deng Mateem:
Совринга лойиқ. У ҳар бир ўйинда жуда муҳим роль ўйнади.

Chris Namate:
Бу бола ҳужумчиларни “тутишни” билади.

Tamandani Mark Chiputula:
Ҳусановга Африкадан, Малавидан катта муҳаббат йўллаймиз.

Afeworki Kinfe:
Лойиқ. Бизнинг келажакдаги энг яхши ҳимоячимиз.

Eirik Jensen:
Ҳусанов ҳар доим 100 фоиз куч билан ўйнайди. Энди у гладиаторча фикрлашни жамоадошларининг кўпчилигига ҳам ўтказиши керак. Лойиқсан, йигит!

Abdou Saadi:
Жазоирдан салом, бизнинг ўзбек биродарларимизни яхши кўраман.

Dancun Kimulwo:
Ҳусановга Африкадан, Кениядан табриклар.

Thin Tall Uche:
Агар Ҳусанов мунтазам ўйин ўтказса, у ҳар доим “ойнинг энг яхши ўйинчиси” совринни ютиб олади.

Хулоса шуки, мухлислар Абдуқодирни фақат “ёш иқтидор” сифатида эмас, балки тайёр натижа берадиган, ўйин тақдирини ўз позициясида ҳал қила оладиган ҳимоячи сифатида қабул қила бошлади. Энди энг муҳим масала битта: бу ишонч доимий ўйин амалиёти билан мустаҳкамланса, Ҳусанов учун “январнинг энг яхшиси” фақат бошланиш бўлиб қолиши мумкин. Спойлер: агар у шу суръатда давом этса, совринлар жавонига “сиғмай қолиш” хавфи бор.

Читайте на сайте