«Ан-Наср» бош мураббийи Роналдуга дам берилганини айтди

«Ан-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нега яқинлашиб келаётган ўйинда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.

Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс ўтказади. Португалиялик юлдуз ҳужумчининг майдонга тез орада қайтиши кутилаётган бўлса-да, бу учрашувда у яна таркибда бўлмайди.

«Жадвал жуда тиққиз. Роналду ва асосий таркибдаги яна бир нечта футболчига дам беришга қарор қилдик, чунки олдинда «Ал-Фатеҳ»га қарши муҳим ўйин турибди», — дея Жезушнинг сўзларини келтиради Al Nassr Zone.

Мутахассис Роналду Саудия Арабистонидан ташқарида ўтадиган учрашувларни ўтказиб юбориши аввал ҳам кўп бор кузатилганини ҳам қўшимча қилди.

Саудия чемпионати доирасидаги «Ал-Фатеҳ» — «Ан-Наср» учрашуви шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.

Читайте на сайте