Роналду учун Европа грандларида вариантлар кўриб чиқилмоқда
Криштиану Роналду «Ан-Наср» билан келишмовчиликларни ортда қолдирди ва бойкотдан кейин яна майдонга қайтди. Шунга қарамай, ёзда португалиялик юлдуз клубини ўзгартириши эҳтимоли яна кун тартибига чиқди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
The Touchline хабарига кўра, агент Жорже Мендеш ёзги трансфер ойнаси олдидан Европанинг етакчи клублари билан боғланиб, 41 ёшли Роналдуни таркибга қўшиш вариантини таклиф қилмоқда.
Бир неча йил аввал ОАВда Роналду «Манчестер Юнайтед»дан кетганидан сўнг юзага келган келишмовчиликлар сабаб Мендеш билан ҳамкорликни тўхтатгани ҳақида ёзилганди. Бироқ Transfermarkt маълумотларида Криштиану ҳамон Мендеш агентлигининг мижози сифатида кўрсатилган.
Роналдунинг «Ан-Наср» билан амалдаги шартномаси 2027 йил ўрталаригача мўлжалланган.