Компани Нойернинг «Боруссия»га қарши ўйиндаги ҳолатини айтди

Мюнхеннинг «Бавария» жамоаси бош мураббийи Венсан Компани дарвозабон Мануэл Нойер Дортмунднинг «Боруссия»си билан бўладиган яқин учрашувда майдонга тушиши мумкинми, деган саволга изоҳ берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.

39 ёшли германиялик посбон аввалроқ жароҳат сабаб «Айнтрахт»га қарши баҳсни ўтказиб юборганди (3:2).

«Ману билан вазият ёмон эмас. Биз у узоқроқ муддат сафдан чиқади, деб ўйлагандик. Эҳтимол, у бугун биз билан машғулотга қўшилар, кейин яна кўрамиз. Мен у билан яна бир бор гаплашмоқчиман», — деди Компани Bayern & Germany келтирган иқтибосда.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, агар Нойер учрашувда ўйнай олмаса, унинг ўрнини сўнгги ўйинларда ўзини яхши кўрсатган Урбиг эгаллайди.

Бундеслиганинг 24-тури доирасидаги «Боруссия» — «Бавария» учрашуви 28 февраль куни бўлиб ўтади. Старт ҳуштаги 22:30 да (Тошкент вақти билан) янграйди.

Читайте на сайте