Кафанов Сафонов ва Хайкин ютуқларини россияликлар руҳияти билан боғлади
Россия терма жамоаси дарвозабонлар мураббийи Виталий Кафанов Матвей Сафонов ҳамда Никита Хайкиннинг муваффақиятларида россияликларга хос менталитет муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Хайкин тўп сураётган “Буде-Глимт” клуби тарихида илк бор Чемпионлар лигасининг 1/8 финалига йўл олди. Сафонов сафидаги “ПСЖ” ҳам айни босқичда майдонга тушади ва Франция чемпионатида пешқадамлик қилмоқда.
“Албатта, бу боғлиқ. Тарихан рус одам руҳи билан қутқаришга, ёрдамга шошилишга одатланган — у қаҳрамон. Спортда бу энг аввало дарвозабонларга тааллуқли”, — дея Кафановнинг сўзларини “Match TV” келтирди.
Мутахассис, шунингдек, Австриянинг “Штурм” клубида ўйнаётган Даниил Худяковни ҳам алоҳида эътироф этди. Хайкин ҳақида эса Кафанов уни маҳаллий дарвозабонлик мактаби маҳсули деб ҳисоблашини билдирди.