Гвардиола «Реал» таркиби доим кучли бўлганини таъкидлади
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Чемпионлар лигаси 1/8 финалида жамоасига рақиб бўладиган Мадриднинг «Реал»и ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Икки ўйинлик қарама-қаршиликнинг дастлабки учрашуви 11 март куни «Сантяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтади. Жавоб баҳси эса 17 мартга белгиланган.
Гвардиоланинг айтишича, у футболчи ва мураббий сифатида фаолият юритган барча йиллар давомида «Реал» доим юқори савиядаги ижрочилар жамланган таркибга эга бўлиб келган. Мутахассис, шунингдек, Мадрид клубида ўзгаришлар ҳам бўлганини эслатиб ўтди: Хаби Алонсо кетди, унинг ўрнини Алваро Арбелоа эгаллади. Гвардиола «Сити»нинг тайёргарлик учун вақти борлигини, «Реал» ҳақида кейинроқ янада батафсил ўйлаб чиқишларини қўшимча қилди.
Бугун «шаҳарликлар» Англия Премьер-лигасида сафарда «Лидс»га қарши майдонга тушади.