«Атлетико» сўнгги сонияларда аутсайдер устидан ғалабани илиб кетди
Ла Лиганинг 26-турида беқарор ўйин кўрсатаётган «Атлетико» сафарда чемпионатнинг энг қуйи поғонасидаги «Реал Овьедо» билан тўқнаш келди. Мадридликлар рақибга нисбатан қарийб икки баробар кам зарба берди, дарвозага аниқ йўлланган илк уриниш эса деярли якунда қайд этилди. Учрашув умуман олганда кўп вазиятларга бой бўлмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Биринчи бўлим ўрталарида Федерико Виньяс Альберто Рейна узатмасидан сўнг бурчак остида дарвозабон билан юзма-юз чиқди, бироқ меҳмонлар посбони дуэлда устун келди. Ильяс Чайра ўнг қанотдан оширилган тўпга яқин масофадан бош билан зарба берди, дарвозабон рефлекс кўрсатиб қутқарди. Рейна эса бурчак зарбасидан кейин жарима майдончаси ўнг четидан узоқ бурчакқа йўллаган зарбаси ҳам сэйв билан якунланди.
Иккинчи бўлим охирларида тажрибали Санти Касорла жарима майдончасида Виньясни топди, у эса тўпни Тьяго Фернандесга қолдирди — 10 метрдан берилган зарба устун ёнидан ўтиб кетди. Шундан сўнг «Атлетико»нинг илк жиддий ҳужуми голга айланай деди: Антуан Гризманн чап томондан жарима майдончасига кириб келаётган Алекс Баенага нозик пас узатди, у дарвозабонни “тешиб” ўтди, аммо ҳакам офсайдни қайд этди.
Ҳал қилувчи эпизод эса сўнгги ҳужумда юз берди. Науэль Молинанинг ўнг қанотдан узатмаси тўхтатилди, бироқ тўп омадли тарзда Хулиан Альварезга келиб тушди. Ҳужумчи ҳимоячини алдаб, чап оёғига мослаб олди ва 11 метрдан яқин бурчакқа аниқ зарба йўллаб, «Атлетико»га 0:1 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.
Натижада «Реал Овьедо» турнир жадвалида охирги ўринда қолмоқда, «Атлетико» эса учинчи поғонадаги жамоалар билан бир қаторда бормоқда.