Икарди агентлари «Галатасарай» билан келажагини муҳокама қилади
«Галатасарай» ҳужумчиси Мауро Икардининг агентлари футболчининг клубдаги истиқболи бўйича раҳбарият билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Инсайдер Николо Скира хабарига кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар апрел ойида Истанбул клуби вакиллари билан бўлиб ўтади.
Шу билан бирга, 33 ёшли аргентиналик футболчига қизиқиш билдираётган жамоалар ҳам бор ва улар Икардини эркин агент сифатида шартнома асосида таркибига қўшиб олишга тайёр.
Икардининг «Галатасарай» билан амалдаги битими 2026 йил 30 июнгача мўлжалланган. Футболчининг бозор нархи 6 миллион еврога баҳоланмоқда.
2025/2026 йилги мавсумда Икарди 36 ўйинда майдонга тушиб, 15 та гол урди ва 2 та голли узатма амалга оширди.