Серхи Роберто «Барселона»ни тарк этиш жуда оғир бўлганини айтди
«Барселона»нинг собиқ футболчиси Серхи Роберто клуб билан хайрлашган пайтдаги ҳис-туйғуларини эслаб ўтди. 2024 йил ёзида 34 ёшли испаниялик Италияга йўл олиб, «Комо» сафига қўшилган ва ҳозиргача шу жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Кўп позицияда ўйнай оладиган ярим ҳимоячи Каталония гранди тизимида 18 йилдан ортиқ вақт давомида тўп сурди. Роберто «Барселона» унинг учун бутун умри давомида уй бўлиб келганини, шунинг учун жамоани тарк этиш ниҳоятда оғир кечганини таъкидлади.
Шу билан бирга, у янги тажриба орттириш, бошқа маданият ва бошқа мамлакат ҳаётини яқиндан кўриш истаги кучли бўлганини айтган. Серхи Роберто «Барселона»нинг асосий жамоаси сафида жами 373 та учрашув ўтказган.