Исроил дзюдочилари хавфсизлик сабаб Тошкентни шошилинч тарк этди

Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича нуфузли “Grand Slam” турнири давомида кутилмаган ҳолат кузатилди. Исроил миллий терма жамоаси хавфсизлик бўйича берилган шошилинч кўрсатмадан сўнг мусобақадаги иштирокини тўхтатиб, Ўзбекистонни зудлик билан тарк этди. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри хабар берди.

Хабарга кўра, қарор Исроилнинг ички хавфсизлик хизмати — “Shin Bet” томонидан қабул қилинган. Нашр бу қадам Эронга қарши бошланган “Operation Roaring Lion” амалиётидан кейин минтақада хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар кучайган бир пайтга тўғри келганини ёзади.

Исроил делегацияси таркибида Олимпиада кумуш медали совриндори Раз Хершко ва миллий жамоанинг яна бир таниқли аъзоси Гили Шарир ҳам бўлган. Улар 2026 йил мавсумининг дастлабки йирик стартларидан бири ҳисобланган Тошкент “Grand Slam” мусобақасида қатнашиш учун келганди. The Jerusalem Post маълумотига кўра, кўрсатмага биноан спортчилар ва Исроил дзюдо ассоциацияси раҳбари Моше Понте иштирокни дарҳол тўхтатиб, мамлакатни тарк этишга чақирилган.

Манбада қайд этилишича, жамоа бу топшириққа амал қилиб, Марказий Европадаги манзиллардан бирига учиб кетган. Ҳозирча Исроил дзюдо ассоциацияси томонидан расмий баёнот берилмагани ҳам айтилмоқда.

Тошкентдаги “Grand Slam” мусобақаси эса ҳақиқатдан ҳам йил бошидаги муҳим рейтинг очколарини тақдим этувчи нуфузли турнирлардан бири ҳисобланади. Халқаро дзюдо федерацияси маълумотларига кўра, 2026 йилги Тошкент “Grand Slam” 27 февралдан 1 мартгача ўтказилди ва унда 39 давлатдан 370 нафар дзюдочи қатнашди. Бу мусобақа World Judo Tour тақвимининг муҳим босқичларидан бири саналади.

Шу тариқа, спорт аренасидаги навбатдаги нуфузли беллашув ҳам геосиёсий кескинлик таъсиридан четда қолмади. Тошкент татамисида медаллар учун кураш давом этаётган бир пайтда, хавфсизлик омиллари айрим жамоалар қарорларига бевосита таъсир ўтказаётгани яна бир бор намоён бўлди.

Читайте на сайте