Эронлик футболчи қизлар Австралияда сиёсий бошпана олди

Австралияда ўтказилган Осиё кубоги доирасида Эрон аёллар терма жамоаси аъзолари билан боғлиқ шов-шувли воқеа юз берди. Мусобақа давомида Эрон мадҳияси янграётган вақтда бир гуруҳ футболчи қизлар уни куйлашдан бош тортди. Ушбу ҳолат Эрон расмийлари томонидан кескин қораланиб, "шармандалик чўққиси" деб аталди. Ватанига қайтган тақдирда таъқиб ва жиддий хавф остида қолишидан чўчиган беш нафар спортчи Австралия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрашга мажбур бўлди. Бу ҳақда tengrinews.kz хабар беради.

Австралия Ички ишлар вазири Тони Берк ушбу спортчиларнинг гуманитар виза олиш бўйича аризаларини маъқуллаганини эълон қилди. Ҳозирда футболчи қизлар Австралия полицияси ҳимоясига олинган ва хавфсиз жойга жойлаштирилган. АҚШ президенти Доналд Трумп ҳам ушбу вазиятга муносабат билдириб, спортчиларни ватанига қайтармаслик кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар Австралия уларни қабул қилмаса, АҚШ ўз ҳимоясига олишга тайёр эди.

CNN Спортс хабарига кўра, Эрон терма жамоаси таркибидан камида етти нафар спортчи чиқиб кетган. Улардан беш нафари расман ҳимояга олинган бўлса, қолган икки нафарининг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Баъзи футболчилар ўз оила аъзоларининг хавфсизлигидан хавотир олиб, ватанига қайтишни истаётгани ҳам айтилмоқда. Эрон аёллар терма жамоаси гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинда Филиппин терма жамоасига имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этган эди.

Читайте на сайте