"Рома" пушаймон: Элдор Шомуродов "Истанбул Башакшеҳир"да порлаб кетди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов жорий мавсум олдидан “Рома”ни тарк этиб, Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” жамоасига кўчиб ўтганидан кейин ҳақиқий маънода очилиб кетди. Илгари ҳам меҳнатсеварлиги ва майдондаги курашчанлиги билан ажралиб турарди, аммо Истанбулда у фақат “ишчи ҳужумчи” эмас, натижа берувчи гол машинасига айланди.

Қизиғи шундаки, Элдор ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Клаудио Раньери қўл остида анча юқори даражада ўтказганига қарамай, римликлар уни қўлдан чиқарди. “Рома” раҳбарияти ўзбек ҳужумчиси ўрнига Англиядан ёш форвард Эван Фергюсонни олиб келди. Аммо вақт ўтиши билан бу қарорнинг баҳоси чиқяпти: Римда бир танлов қилинди, Истанбулда эса Шомуродов ўз жавобини майдонда беряпти.

“Рома” ҳаётини доимий ёритиб борадиган forzaroma.info сайти экспертлари бу масалага алоҳида тўхтаб, римликлар хатога йўл қўйган бўлиши мумкинлигини ёзди. Уларга кўра, “Рома” бу қароридан етарлича афсуслана бошлаган: бош мураббий Жан-Пьеро Гасперини мавсумнинг энг муҳим палласида Шомуродовнинг жамоада қолишига умуман қарши бўлмасди.

Энг таъсирли рақамлар эса ҳеч нарсани яширмайди: Шомуродов ўз ўрнига келган Эван Фергюсондан беш баравар кўп гол урмоқда. Туркия чемпионатида у Виктор Осимхен ва Мауро Икарди каби А Серия “ҳавоси”ни олган машҳур юлдузларни ҳам ортда қолдиргани қайд этилди. Бугунги кунда Суперлигада 16 та гол уриб турган Элдор, агар “Рома”да қолганида, қишда келган ва тўпурарлик маҳоратини кўрсатаётган Дониэлл Мален билан жуда мос шерик бўлиши мумкин эди.

Фергюсон учун эса мавсум анча эрта “сўниб” қолгани айтилади. Элдор эса аксинча, Туркия чемпионати тўпурарлар пойгасида жонли кураш олиб боряпти ва фақат нигериялик Поль Онуачудан ортда қоляпти, холос. Шу билан бирга, тўпурарлар баҳсида Шомуродов Мауро Икарди ва Талискадан учта, Виктор Осимхен ва Марко Асенсиодан тўртта голга олдинда бораётгани таъкидланади — бу эса унинг мавсумдаги барқарорлигини янада ёрқин кўрсатади.

Молиявий жиҳат ҳам қизиқ. “Истанбул Башакшеҳир” римликлар билан ижара шартномаси тузганда, агар жамоа Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолса, Элдор Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқини 2,8 миллион евро тўлаб тўлиқ сотиб олишга келишган. Таъкидланишича, бу — “Рома” ўзини кўрсата олмаган ва А Серияда атиги учта гол урган Эван Фергюсон учун тўлаган 3 миллион евродан ҳам арзонроқ сумма.

Энг муҳим нуқта: “Башакшеҳир” бу мавсум лигада қолиш учун эмас, аксинча еврокубоклар йўлланмаси учун курашмоқда. Айни пайтда истанбулликлар Туркия чемпионатидаги анъанавий кучли клублар — “Галатасарой”, “Фенербаҳче”, “Трабзонспор” ва “Бешиктош”дан кейин бешинчи ўринда жойлашган. Ва бу натижада Шомуродовнинг қимматли голлари ҳал қилувчи роль ўйнаётгани очиқ айтиляпти. Шу боис, forzaroma.info ёзишича, “Истанбул Башакшеҳир” энди ўзбек ҳужумчисини қўлдан чиқаришни истамайди.

Статистика эса Элдорнинг мавсумни қандай ўтказаётганини янада аниқ кўрсатади: у жорий мавсумда “Истанбул Башакшеҳир” сафида барча турнирларда 35 та учрашув ўтказиб, 17 та гол ва 5 та ассист қайд этди. Шу тариқа, 30 ёшли футболчимиз фаолиятидаги энг сермаҳсул мавсумни ўтказмоқда.

Бундан ташқари, Transfermarkt портали ҳам Шомуродовнинг баҳосини қайта кўриб чиқди: “Рома”да 4 миллион еврогача тушиб қолган трансфер нархи 2026 йилда 7 миллион еврога кўтарилди. Демак, Элдор фақат майдонда эмас, бозорда ҳам қайта “қадр топяпти”.

Қисқаси, бу ҳикоя оддий трансфер эмас: бир клуб “йўқ” деди, бошқаси ишонч билдирди — натижада Шомуродов ўзига ишонган жойда порлади. Энди эса ҳамма савол битта: Элдор шу суръатни охиригача ушлаб, Туркия тўпурарлар пойгасида ҳам нуфузли чўққига чиқиб оладими? Мавсум охири жуда қизиқ бўлади.

Читайте на сайте