«ПСЖ» Парижда «Челси»ни аянчли ҳисобда мағлубиятга учратди

Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичида Парижда ҳақиқий голлар байрами бўлди. «ПСЖ» ўз майдонида «Челси»ни қабул қилиб, томошабоп ва шиддатли баҳсда 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Уй эгалари биринчи дақиқаларданоқ темпни баланд қилди, лондонликлар жавоб қайтаришга уринди, аммо охир-оқибат кечанинг сўнгги сўзи барибир парижликларники бўлди.

Учрашувда ҳисоб 10-дақиқада очилди — Барколя рақиб ҳимоясини “очиб ташлаб”, «ПСЖ»ни олдинга олиб чиқди. «Челси» эса тез таслим бўлмади: 28-дақиқада Густо мувозанатни тиклаб, интригaни тирик қолдирди. Бироқ танаффус олдидан Дембеле яна бир зарба берди — 40-дақиқада у гол уриб, парижликларни қайтадан олдинга чиқарди.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйин “ўчмади”. 57-дақиқада Энцо Фернандес гол уриб, ҳисобни яна тенглаштиргандек бўлди. Аммо кейин майдонда «ПСЖ»нинг ўйинни “ёпиш” даражаси ва ҳужумдаги хатарлилиги сезилди. 74-дақиқада Витиня гол уриб, мезбонларга яна устунлик берди. Ана шу пайтдан кейин Париж клуби рақибни тўлиқ босим остида ушлаб турди.

Кечанинг энг ёрқин қаҳрамони эса захирадан тушган Хвича бўлди. 69-дақиқада майдонга кирган грузиялик вингер охирги дақиқаларда ўйинни тўлиқ ўз қўлига олди: 86-дақиқада биринчи голини урди, 90+4-дақиқада эса иккинчи марта дарвозани ишғол қилиб, дубл қайд этди. Шу тарзда «ПСЖ» ҳисобни 5:2гача “йириклаштириб”, жавоб баҳси олдидан жуда қулай устунликка эга бўлди.

Энди жамоалар 18 март куни Лондонда жавоб учрашувини ўтказишади. «Челси» учун вазифа жуда оғир: уйда катта фарқни йўқотиш, устидан яна гол ўтказмаслик ва ўйинни қайта тирилтириш керак бўлади. «ПСЖ» эса Париждаги натижа билан жавоб ўйинга анча хотиржам руҳда чиқади, бироқ плей-оффда охирги нуқта фақат иккинчи ўйиндан кейин қўйилишини ҳам яхши билади.

ЕЧЛ. 1/8 финал
ПСЖ – Челси 5:2
Голлар: Барколя 10, Дембеле 40, Витиня 74, Хвича 86, 90+4 – Густо 28, Фернандес 57.

ПСЖ: Сафонов, Ҳакими, Маркиньос, Пачо, Мендеш, Заир-Эмери (Эрнандес, 78), Витиня, Невеш, Дуэ (Хвича, 69), Дембеле (Ли Канг Ин, 69), Барколя (Маюлу, 78).
Челси: Йоргенсен, Густо, Фофана, Чалоба, Кукуреля, Жеймс, Кайседо, Палмер, Энцо Фернандес, Нету, Жоао Педро.

Қисқаси, Парижда «ПСЖ» бир кечада ҳам ғалаба олди, ҳам психологик устунликка эга бўлди. Хвичанинг захирадан чиқиб дубл қилиши эса бу ўйинни янада таъсирли қилди. Лондонда интрига борми? Бор. Лекин «Челси»га энди жуда катта характер керак.

Читайте на сайте