«Нефтчи» бош мураббийи суперкубокдаги ғалабадан сўнг нималар деди?

«Нефтчи» бош мураббийи Ислом Исмоилов «Пахтакор»га (1:0) қарши Ўзбекистон суперкубогидаги ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бугунги ғалаба билан бутун Фарғона халқини, мухлисларни табриклайман. Нафақат фарғоналик, балки наманганлик ва андижонлик мухлислар ҳам қўллаб-қувватлашди. Уларга раҳмат айтаман. Ўйинг келсак, очиқ ва ҳужумкор қарама-қаршиликни кўрдик. Омад биз томонимизда бўлди.

Жамоа услубидаги ўзгаришлар? Аввало, аввалги мураббийга (Виталий Левченко) ҳам раҳмат айтаман. Истеъфо — мураббийлик қисмати. Жамоа ўтган мавсумда асосан ҳимоявий футбол кўрсатарди. Бу борада ўзгаришлар қилдик ва жамоани ҳужумкор ўйин кўрсатишга мажбурлаяпмиз. Йигитлар берилган кўрсатмаларни бажаришмоқда. Уларга раҳмат айтаман.

Марказдаги танлов? Рақибнинг марказий яримҳимояси кучли эканлигидан келиб чиқиб, икки таянч яримҳимоячиси — Жокич ва Ратиниони туширишга қарор қилдик. Аммо улар бир-биридан фарқли. Жокич кўпроқ ҳимоявий ҳаракатларни амалга оширса, Ратинио ҳужумга ҳам фаол қўшила олади. Марказда танловлар кўп. Бугунги ўйинга тайёр бўлганлар майдонга тушишди.

Маҳорат эвазига ютдик? Менимча, «Пахтакор» маҳорат бобида ҳам биздан кам эмасди. Уларда ҳам миллий жамоа ўйинчилари кўп. Бундай финалларда, босим остида тактика йўқолади ва характер биринчи ўринга чиқади. Бугун йигитлар характер кўрсатишди ва шу боис ғалаба қозондик.

Гегенпрессинг? Ҳа, «Пахтакор»ни ўрганиб чиққандик. Кўп жамоалар «Пахтакор»га тўпни бериб қўяди ва шу сабаб улар майдоннинг иккинчи ҳамда учинчи қисмига бемалол келишади. Биз бунга йўл қўймаслик учун дастлабки дақиқаларданноқ прессинг амалга оширдик.

Мавсум бошидаги негативлар? Ҳайрон қолгандим. Аксинча, ўзбек мураббийларини қўллаб-қувватлаш керак. Ахир, биз шу ердамиз. Шу ватан учун ҳаракат қиламиз. Уларга кўп эътибор қаратмайман. Мақсадим — олға интилиш, меҳнатим ва натижам билан нотўғри фикрларга жавоб бериш», — дейди Исмоилов матбуот анжуманида.

Читайте на сайте