Осиё чемпионатида Ўзбекистон боксчилари кучли таркиб билан қатнашади

30 мартдан 10 апрелга қадар Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳри катталар ўртасидаги бокс бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам тўлиқ ва рақобатбардош таркиб билан иштирок этиб, юксак натижалар учун рингга чиқади.

Ўзбекистон бокс федерацияси маълумотига кўра, мусобақада ҳам эркаклар, ҳам аёллар терма жамоаси вакиллари қатнашиб, турли вазн тоифаларида совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Эркаклар жамоаси сафида Асилбек Жалилов (-50 кг), Шаҳзод Музаффаров (-55 кг), Абдураҳмон Маҳмуджонов (-60 кг), Абдуллоҳ Мадаминов (-65 кг), Ҳавасбек Асадуллаев (-70 кг), Жавоҳир Абдураҳимов (-75 кг), Фазлиддин Эркинбоев (-80 кг), Жасурбек Йўлдошев (-85 кг), Ҳалимжон Мамасолиев (-90 кг) ҳамда Арман Маханов (+90 кг) каби иқтидорли боксчилар иштирок этади.

Уларни тажрибали мураббийлар — Раҳматжон Рўзиоҳунов, Руслан Телимбаев, Рамзжон Аҳмедов, Шерзодбек Аҳмаджонов ва Нурсултан Бўриханов тайёрламоқда.

Аёллар терма жамоаси ҳам кучли таркиб билан мусобақага йўл олган. Улар сафида Сабина Бобоқулова (-48 кг), Гулсевар Ганиева (-51 кг), Хуморабону Мамажонова (-54 кг), Нигина Ўктамова (-57 кг), Муштарийбону Мамажонова (-60 кг), Феруза Абдуалимова (-65 кг), Ойша Тоирова (-70 кг), Азиза Зокирова (-75 кг), Рухшона Парпиева (-80 кг) ва Олтиной Сотимбоева (+80 кг) каби спортчилар бор.

Аёллар жамоасига Барбаро Фернандез Хименез, Ислом Таджибоев, Азим Худайқулов ва Лазизбек Шарифжонов мураббийлик қилмоқда. Жамоа таркибида шифокор сифатида Дилшод Казаков фаолият юритади.

Мутахассислар фикрича, ушбу чемпионат Ўзбекистон боксчилари учун нафақат медаллар, балки халқаро тажриба ва рейтинг учун ҳам муҳим синов бўлади. Мухлислар эса жамоамиздан яна бир бор ёрқин ғалабалар ва кучли чиқишлар кутиб қолмоқда.

Читайте на сайте