“Сен ҳеч қачон футболчи бўлолмайсан!” — Роналдонинг дардли ўтмиши

Криштиано Роналдо болалигида эшитган оғир сўзларини эслаб, қандай қилиб барчасини меҳнат билан енгганини сўзлаб берди.

Унинг айтишича, 11 ёшида мактабдаги ўқитувчиси уни қаттиқ ранжитган:

“Ўқитувчим менга: "Сен ҳеч қачон профессионал футболчи бўлолмайсан", деган эди. Бу сўзларни ҳеч қачон унутмайман. Ўша пайтда озғин, кичкина ва камбағал бола эдим. У кўзимга қараб: "Криштиано, сен жуда заифсан, Сен ҳеч нарса қилолмайсан", деди”, — дейди у.

Криштиано Роналдо шу куни кўз ёшлари билан уйга қайтганини тан олди. Аммо айнан шу ҳолат уни кучли қарор қабул қилишга ундаган:

“Ўша куни юрагимнинг чуқур бир ерида қарор қабул қилдим — мен унга нотўғри эканини исботлайман, ҳаммага уларнинг адашганини кўрсатаман”, — дейди фулболчи.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу мақсад уни тинмай меҳнат қилишга мажбур қилган:

“Бошқа болалар ҳовлида ўйнаганида, мен машқ қилардим. Эрталаб ҳам, кечаси ҳам — баҳона йўқ, дам олиш йўқ, таътил йўқ, базм йўқ. Фақат меҳнат бор эди. Оёқларим оғриб кетгунча, нафас ололмай қолгунча машқ қилардим”, — деб эслайди у.

Якунда у ҳар бир ютуғини ўша сўзларга жавоб сифатида кўришини таъкидлади:

“Ҳар бир югуришим, ҳар бир голим, ҳар бир қўлга киритган кубогим — ўша гапларга берган жавобим эди”, — дея сўзини якунлади футбол юлдузи.

Читайте на сайте