Эрон Азмунни қора рўйхатга киритиб мулкини мусодара қилмоқда

Эрон ҳукумати машҳур футболчи Сардор Азмунга нисбатан жиддий чоралар кўришни бошлади. Манбаларга кўра, у «сионистик режим ва АҚШнинг террористик ҳукуматига ёрдам берган»ликда гумон қилинган шахслар рўйхатига киритилган.

26 март куни Голестан вилояти бош прокурори 16 нафар фуқаронинг расмий рўйхатдан ўтган мол-мулкини мусодара қилиш жараёни бошланганини маълум қилди. Fars News Agency хабарига кўра, ушбу “қора рўйхат”да 31 ёшли ҳужумчи Сардор Азмун ҳам бор.

Бу воқеа футболчи атрофидаги баҳсларни янада кучайтирди. Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида уни миллий жамоа сафидан четлатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бунга сабаб сифатида унинг ижтимоий тармоқларда Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум билан тушган суратини жойлаштиргани келтирилган.

Фoтo: Getty Images / Ҳужумчи 2024/25 йилги мавсумдан бошлаб БААнинг «Шабоб Ал Аҳли» клубида тўп тепмоқда.

Айрим эронлик футбол таҳлилчилари бу ҳаракатни ҳукумат сиёсатига нисбатан “садоқатсизлик белгиси” сифатида баҳолаган. Шу боис мазкур ҳолат нафақат спорт, балки сиёсий доираларда ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу каби қарорлар футболчининг фаолияти ва халқаро имижига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Энди эътибор ушбу иш қандай якунланиши ва Азмуннинг кейинги тақдири қандай бўлишига қаратилган.

Читайте на сайте