World News in Uzbek

Мирзиёевни қасамёдга келтириш маросими 14 июль куни ўтказилади

Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайланган Шавкат Мирзиёевнинг инаугурацияси 14 июль куни белгиланди.


Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қасамёдга келтирилади.


Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 июлида бўлиб ўтган президент сайловида, Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғолиб деб топилган.


Мазкур сайлов Ўзбекистонда президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдумдан 70 кун ўтиб ўтказилди. Конституцияга киритилган ўзгартишлар ва якшанба куни бўлиб ўтган сайлов Мирзиёевнинг 2037 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолишига йўл очди.


Президент сайловида кузатувчилик қилган ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси вакилларига кўра, “9 июль куни муддатидан илгари ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмаган”. Айни пайтда МДҲ кузатувчилари миссияси “сайлов шаффоф, очиқ, адолатли ва демократик тамойилларга асосан ўтказилди”, дея эътироф этишган.

Читайте на сайте